Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази


Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази 2004 йилда Тошкент вилояти кўз микрохирургияси маркази негизида ташкил этилган. 2009 йилдан Марказ республиканинг офтальмология бўйича бош муассасасига айланиб, мамлакатнинг барча офтальмологик хизматининг ташкилий-услубий раҳбарлигини амалга ошириб келмоқда.
Марказда қуйидагилар жорий этилган ва муваффақиятли тарзда олиб борилади:
– катарактани жарроҳлик йўли билан даволашнинг “олтин” стандарти;
– катта ёшлилар ҳамда болаларда интраокуляр линзаларнинг турли моделлари имплантацияси билан факоэмульсификация усули;
– рефракция аномалияларини интраокуляр рефракцион жарроҳлик йўли билан даволаш;
– глаукома жарроҳлигида ишлаб чиқилган ва такомиллаштирилган, кўз ички босимининг турғун нормаллашувини таъминловчи тизимли ёндашувлар;
– мугуз парданинг турли патологияларида кератопластика ва амниопластика;
– кўз ёши йўлининг беркилиб қолишида жарроҳлик аралашуви, қовоқлар пластик операцияси, ғилайликни тўғрилаш;
– кўз соққасининг олд ва орқа қисми касалликларида лазер операциялар, шунингдек эксимер фотоабляциядан фойдаланган ҳолда кераторефракцион жарроҳлик.
Амблиопия ва ғилайликдан азият чеккан болаларни махсус компьютер дастурларидан фойдаланган ҳолда амбулатор даволаш амалга оширилади.
Марказда 40 нафар шифокор фаолият олиб боради, улардан 6 нафари тиббиёт фанлари доктор ва 9 нафари тиббиёт фанлари номзоди, 70% шифокорлар олий тоифаларга эга.
Қулай ва шинам палаталар беморлар хизматига шай, VIP палаталар кондиционер, телевизор, музлатгич, WiFi билан жиҳозланган.

