Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази
Шайхонтоҳур тумани, Мажлисий кўчаси, 1
Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази 1932 йилда Самарқанд шаҳрида очилган ва 1936 йилда Тошкент шаҳрига кўчирилган эски сил касалликлари илмий-тадқиқот институти негизида 2009 йилда ташкил этилган.
Марказ тузилмасида 3 та илмий бўлим, яъни сил терапияси бўлими, сил хирургияси бўлими, пульмонология бўлими фаолият олиб боради. Клиник бўлимлар (диагностика, ўпка сили, болалар, ўпка хирургияси, суяк-бўғим сили, урогинекология, ўпкадан ташқари сил, пульмонология, анестезиология ва реанимация бўлимлари) 460 ўринга мўлжалланган. Бундан ташқари Марказда 6 та функционал диагностика бўлими мавжуд. Маслаҳат поликлиникаси бир сменада 50 қабулга мўлжалланган. Унда фтизиатр, пульмонолог, фтизиопедиатр, торакал жарроҳ ва ўпкадан ташқари сил бўйича мутахассис (уролог, ортопед, офтальмолог) томонидан беморларга зарур тавсия ва маслаҳатлар берилади.
Марказ юқори технологияли даволаш-диагностика процедураларини ва турли локализация органларида реконструктив-тикловчи операцияларни бажаришга имкон берувчи энг сўнгги замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланган.
Ҳар йили Марказда 4000 зиёд беморлар стационар даволанса, ўпкадан ташқари патология ва нафас олиш органларининг специфик ва носпецифик касалликлари билан оғриган қарийб 20000 киши, шунингдек чет элликлар (Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон фуқаролари) зарур маслаҳат ва тавсиялар олишади. Стандарт шароитлар билан бир қаторда иккита алоҳида хона ва санузел, музлатгич, плазмали телевизор, кондиционер, WiFi билан таъминланган юқори қулайликларга эга палаталар беморлар хизматида.
Марказда 31 нафар илмий ходим, 7 нафар тиббиёт фанлари доктори ва 12 нафар тиббиёт фанлари номзоди, 61 нафар шифокор фаолият юритмоқда, улардан 64 фоизи олий ва биринчи тоифали шифокорлардир.