Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази

Манзил: Ўзбекистон Республикаси, Тошкент шаҳри,
Мирзо Улуғбек тумани, Мирзо Улуғбек кўчаси, 56
endocrincenter
Для уточнения информации звоните к нам: + 998 78 113-33-78
Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази 2007 йилда Эндокринология илмий-тадқиқот институти негизида соҳа доирасидаги ўзаро ҳамкорлик ва самарали бошқарув вертикалини ҳамда эндокринология тармоғи муассасалари ўртасидаги изчилликни таъминловчи бош муассаса сифатида ташкил этилди.
Марказнинг бош мақсади аҳолига жаҳон стандартлари даражасида юқори малакали эндокринологик ёрдам кўрсатишдан иборат. 2017 йилда Марказга институт асосчиси академик Я.Х.Тўрақуловнинг номи берилди ва у давлат муассасаси мақомига эга бўлди.

Марказ фаолиятининг асосий йўналишлари: қандли диабет, қалқонсимон без касалликлари, болалар эндокрин касалликлари, нейроэндокринология, эндокрин жарроҳлик, нуклеар тиббиёт, репродуктив эндокринологик патологияни барвақт диагностика қилиш, эндокринологик касалликларни даволашнинг асосий ва замонавий усуллари.

Марказ тузилмасида бир сменада 250 қабулга мўлжалланган поликлиника, стационар даволаш учун жами 315 ўринга эга 14 та клиник бўлим мавжуд бўлиб, улар тиреоидли патология, эндокрин жарроҳлик бўлимлари ҳамда нуклеар тиббиёт, нейроэндокринология ва нейрожарроҳлик, қандли диабет, нефроангиопатия ва гемодиализ бўлими, диабетик оёқ кафти, болалар эндокринологияси, тиббий генетика  бўлими, юқори технологияли ускуналар билан жиҳозланган гормонал таҳлил лабораториясини ўз ичига олади.

Нуклеар тиббиёт бўлими Ўрта Осиёдаги ягона марказ ҳисобланиб, ионловчи нурланиш манбаи билан ишлайди ва Атом энергияси бўйича халқаро агентликнинг ядерли тиббиёт бўйича халқаро нормалари билан белгиланган иш шароитларига мувофиқ келади.

Марказда 128 нафар шифокор беморлар хизматида бўлиб, улардан 10 нафари тиббиёт фанлари доктори (4 нафари профессор), 30 нафари тиббиёт фанлари номзоди.

Марказда қўшимча сервис имкониятларига (индивидуал санузел, телевизор, музлатгич, кондиционер, WiFi) эга палаталар беморлар хизматида.